Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Очиқ маълумотлар (бюджет)

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР


ВИЛОЯТ ҲОКИМИ ФАРҒОНА ШАҲРИДА ЯНГИ АМАЛГА ОШИРИЛГАН ВА ЯҚИН ИСТИҚБОЛДА РЕЖАЛАШТИРИЛАЁТГАН ИНВЕСТИЦИЯВИЙ ЛОЙИҲАЛАР БИЛАН ТАНИШДИ

×

 2024-08-16 10:47:47    886

PDF юклаш
Чоп этиш


Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров кеча вилоят секторлари раҳбарлари ҳамроҳлигида Фарғона шаҳрида иқтисодий–ижтимоий соҳаларда янги амалга оширилган ҳамда яқин истиқболда режалаштирилаётган инвестициявий лойиҳалар билан танишди.

Дастлаб “Гулистон” МФЙ ҳудудида жойлашган “Diamond décor group” МЧЖ фаолияти ўрганилди. Қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган ушбу корхона 2019 йили ташкил этилган бўлиб, лойиҳа доирасида 2 миллион доллар сармоя киритилган. Йиллик ишлаб чиқариш қуввати 3 миллион кв. метр, товар айланмаси 6 миллион долларни ташкил қилади. Корхонада декор пластик, МДФ декор, 3D МДФ панел, 3D пластик панел ҳамда модерна панел ишлаб чиқарилади. Маҳсулотлар Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Озарбайжон давлатларига экспорт қилинмоқда. Корхонада 150 та доимий иш ўрни яратилган ва ўртача иш ҳақи 4–4,5 миллион сўмни ташкил этади.

Тадбиркор Жаҳонгир Мадраҳимов юзма–юз учрашувда вилоят раҳбарига мазкур лойиҳа доирасида амалга оширган ишлари билан таништириб, яқин вақт ичида ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш ҳисобига иш ўринлари сонини 200 тага етказишни мақсад қилганини маълум қилди.

Кейинги манзилда “Тинчлик” МФЙ ҳудудида жойлашган "Бақай” кичик саноат зонасида қурилиши бошланган лойиҳалар ҳамда янги режалаштирилаётган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Хусусан, ушбу ҳудудда логистика маркази барпо этаётган тадбиркор Суҳроб Бобоев лойиҳа асосида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Лойиҳа қиймати 10 миллиард сўм бўлган марказ келгуси йили тўлиқ ишга туширилади. Логистика маркази орқали вилоятимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар МДҲ ва қўшни давлатларга экспорт қилинади.

Шунингдек, кичик саноат зонасида 2024–2025 йиллар мобайнида Фарғона шаҳрида амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалар тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Ўз навбатида “Бақай” кичик саноат зонасида хитойлик инвесторлар томонидан қурилиши бошланган мисни қайта ишлаш корхонасидаги иш жараёнлари ҳам бориб кўрилди.

Вилоят ҳокими лойиҳа қиймати 8 миллион доллар бўлган “Moderna ceramic industries Fergana” МЧЖ шаклидаги қўшма корхона томонидан керамик плиталар ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти билан ҳам танишди.

Кимёгарлар кўчасида жойлашган лойиҳа қиймати 7 миллион доллар бўлган автомобиль эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқариш корхонасидаги иш жараёни ўрганилди. Бу ерда ойига 15 мингга яқин эҳтиёт қисмлар, яъни буферлар, капот ҳамда қанот тайёрланади. 2021 йили иш бошлаган корхонада Хитой технологиялари ўрнатилган бўлиб, тайёр маҳсулотлар Қозоғистон, Россия ва МДҲ давлатларига экспорт қилиняпти. Корхонада 130 нафар маҳаллий ёшлар иш билан таъминланган.

“Қиргули” МФЙ ҳудудида жойлашган 16 гектар майдонда 7 та йирик лойиҳа жойлаштирилиши ҳисобига 600 га яқин иш ўрни яратиладиган “Фарғона кимё технопарки” ташкил этиляпти. Бу ерда жаҳон андозалари даражасида маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

“Табассум” МФЙ Тинчлик кўчасидаги тадбиркор Абдуғаффор Қодиров ташаббуси билан фаолият бошлаши кутилаётган янги корхонада йил бошида қурилиш бошланган ва ҳозирда якуний пардозлаш ишларига киришилган Бу ерда пойабзал ишлаб чиқариш цехи ва қўшимча бинолар бунёд этилмоқда. Лойиҳа қиймати қарийб 7 миллиард сўм ва замонавий корхонада 80 нафар маҳаллий хотин–қизлар муқим иш ўрнига эга бўлади.

Ўрганишлар давомида “Сой бўйи” МФЙ ҳудудида жойлашган “Регистон” хусусий мактабида янги ўқув йилига тайёргарлик жараёни кўздан кечирилди. Лойиҳа доирасида 35 миллиард сўм маблағ жалб этилиб, таълим муассасаси 85 фоиз тайёр ҳолатга келтирилди. Замонавий билим даргоҳи 800 ўринга мўлжалланган бўлиб, 5 қаватли бинода 55 та синф хонаси, кутубхона, стадион, фаоллар зали ҳамда ошхона мавжуд.

Мактаб 2024–2025 ўқув йилидан вилоятимизда илк фаолиятини бошлайди ва бу ерда математика, инглиз тили, IT йўналишлари чуқурлаштирилиб ўқитилади.

Вилоят ҳокими таълим муассасасида ўқитувчи ва ўқувчилар учун яратилаётган шароитлар билан яқиндан танишиб, педагогик жамоа фаолияти омадли ва муваффақиятли бўлишига ишонч билдирди.











Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook, Telegram, Facebook, YouTube, Instagram