Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Очиқ маълумотлар (бюджет)

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР


ФАРҒОНА ВИЛОЯТИ МАЪНАВИЯТ ВА МАЪРИФАТ КЕНГАШИНИНГ НАВБАТДАГИ МУҲОКАМА ЙИҒИЛИШИ БЎЛИБ ЎТДИ

×

 2023-11-21 18:26:08    3283

PDF юклаш
Чоп этиш


Бугун вилоят ҳокимлиги катта мажлислар залида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров иштирокида Фарғона вилояти Маънавият ва маърифат Кенгашининг навбатдаги муҳокама йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Президент Администрацияси масъул ходими Акбаржон Тагаев, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари ўринбосари Зоҳиджон Тўрақулов, вилоят Маънавият ва маърифат кенгаши аъзолари, тегишли бошқарма, ташкилот ва корхона раҳбарлари иштирок этдилар. Ҳудудий студиялардан шаҳар ва туманлар ҳокимлари ҳамда секторлари раҳбарлари видеоконференц-алоқа орқали йиғилишда қатнашдилар.

Йиғилишни вилоят ҳокими, вилоят Маънавият ва маърифат кенгаши раиси Хайрулло Бозоров олиб борди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 26 март куни қабул қилинган “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан маънавият йўналишида республикамиз ва ҳудудларда амалга оширилиши лозим бўлган муҳим вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, давлатимиз раҳбари раислигида Республика Маънавият ва маърифат кенгаши ҳамда ҳокимлар раислигида вилоятлар, шаҳар ва туманлар Маънавият ва маърифат кенгашлари ташкил этилди. Бугун вилоят Кенгашининг навбатдаги йиғилишида вилоятимизда маънавий-маърифий соҳадаги ишлар танқидий-таҳлилий кўриб чиқилди.

Жорий йилнинг 6-7 ноябрь кунлари Республика ишчи гуруҳи томонидан вилоятимизда олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар ҳолати ўрганилди. Дастлаб Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Маъсуджон Сулаймонов мазкур ўрганиш якунлари бўйича тайёрланган ҳисоботни ўқиб эшиттирди.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров глобал миқёсдаги ғоявий таҳдидлар ва ахборот хуружлари даврида, ёт ғоялар, ёт қадриятларни ёшларимиз онгига сингдиришга бўлаётган кенг кўламли уринишлар чоғида миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳимоя қилиш, халқимиз маънавиятини юксалтириш янада долзарб аҳамият касб этаётганини қайд этиб, илм-маърифат орқалигина тараққиётга эришиш мумкинлигини таъкидлади.

Дунёнинг энг ривожланган мамлакатлари айни пайтда дунёнинг энг кўп китоб ўқийдиган мамлакатлари эканига эътибор қаратган вилоят раҳбари, вилоятимизда китобхонликни янада кенг тарғиб қилиш, маҳаллаларда ташкил этилган “Зиё” китоб дўконлари фаолиятини такомиллаштириш, вилоятдаги кутубхоналар китоб фондларини бойитиш бўйича ҳокимларга ва масъулларга кўрсатмалар берди.

Йиғилиш давомида ўрганиш натижалари бўйича масъулиятсизликка йўл қўйган шаҳар-туман ҳокимлари ҳам сўз олиб, аниқланган камчиликлардан тегишли хулоса чиқариб, уларни бартараф этиш бўйича тизимли иш ташкил қилишга ваъда бердилар.

Бугунги йиғилишдан келиб чиққан топшириқ ва вазифалар ижросини вилоятда тўлиқ таъминлаш учун барча имкониятлар мавжудлиги таъкидланиб, маънавият масаласи барча даражадаги раҳбарларнинг муҳим вазифаси бўлиши кераклиги яна бир бор уқтирилди. 











Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook, Telegram, Facebook, YouTube, Instagram