Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Очиқ маълумотлар (бюджет)

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР


КОРЕЯ КОМПАНИЯСИ ФАРҒОНАДА ГОЛЬФ МАЙДОНИ БАРПО ЭТИШНИ РЕЖАЛАШТИРМОҚДА

×

 2023-10-18 21:47:34    3660

PDF юклаш
Чоп этиш


Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Кореянинг “Dream Build Team” компанияси раҳбари Пак Ёнг Шик ҳамда “Incense Korea” компанияси раҳбари Ю Ли Бокни қабул қилди.

Учрашувда Фарғона вилоятида тўғридан тўғри Корея сармоялари ҳисобига амалга ошириш режалаштирилаётган инвестицион лойиҳалар, туризм ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди, Экошаҳар мажмуасининг тегишли кичик саноат зонаси ҳудудида “Корейс ишлаб чиқарувчилари саноат парки” ташкил этиш бўйича ишларнинг бориши ҳам учрашув асосий кун тартибидан ўрин олди. 

“Dream Build Team” компанияси Қува тумани ҳудудида гольф майдони ташкил этиш лойиҳасини ишлаб чиқмоқда. Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги Фарғона делегациясининг жорий йил март ойида Кореяга ташрифи давомида бу борада музокаралар ўтказилганди. Лойиҳани истиқболини ҳамда вилоятимиздаги инфратузилмаларни юқори баҳолаган Пак Ёнг Шик, Ўзбекистондаги иккинчи гольф майдонининг барпо этилиши Фарғонага Кореядан, шунингдек, бошқа хорижий давлатлардан, Европадан кўплаб гольф ишқибозларини жалб этишига ишонч билдирди. “Dream Build Team” компанияси раҳбари билан шунингдек, Экошаҳар ҳудудида бизнес маркази барпо этиш лойиҳаси бўйича муҳокамалар ўтказилди.

“Incense Korea” компанияси раҳбари Ю Ли Бок бошчилигидаги ўнлаб инвесторлардан иборат гуруҳ, март ойидаги вилоят делегациясининг Кореяга ташрифи ортидан апрель ойида Фарғонага келиб, вилоятимизнинг иқтисодий салоҳияти билан жойида танишишганди ҳамда Экошаҳар мажмуасининг тегишли кичик саноат зонаси ҳудудида “Корейс ишлаб чиқарувчилари саноат парки” ташкил этиш бўйича дастлабки келишувларга эришилганди. Бугунги учрашувда Ю Ли Бок ушбу саноат паркида жойлаштириш кўзда тутилаётган инвестицион лойиҳаларни ишлаб чиқилаётгани ҳақида вилоят раҳбарига маълумот берди. 

Шунингдек, “Incense Korea” компанияси томонидан Тошкент-Фарғона автомагистраль йўли бўйида Корея стандартларига мос, савдо, меҳмонхона, овқатланиш ва логистика хизматларини ўз ичига олган кўп тармоқли хизмат кўрсатиш маркази барпо этиш лойиҳаси тақдим этилди. Вилоят раҳбари хизматлар соҳасини ривожлантиришга янгича ёндашувларни жорий этиш устувор мақсад эканини қайд этиб, ушбу лойиҳа ҳар томонлама қўллаб-қувватланишини билдирди.

Учрашувда шунингдек, мисни чуқур қайта ишлаш, пуллик йўллар қуриш, туристик объектлар барпо этиш лойиҳалалари бўйича инвестицион ҳамкорлик бўйича фикр алмашилди, таълим соҳасида ҳамкорлик бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишда кореялик инвесторларнинг ижтимоий ҳамкорлиги бўйича келишиб олинди.





Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook, Telegram, Facebook, YouTube, Instagram